The Noble Qur'an Encyclopedia
Towards providing reliable exegeses and translations of the meanings of the Noble Qur'an in the world languagesThe congregation, Friday [Al-Jumua] - Uzbek translation - Alaauddin Mansour
Surah The congregation, Friday [Al-Jumua] Ayah 11 Location Madanah Number 62
Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса (ёлғиз) подшоҳ, (барча айб-нуқсондан) пок, қудрат ва ҳикмат соҳиби бўлмиш Аллоҳга тасбеҳ айтур.
У (Аллоҳ) омийлар (яъни, аҳли китоб бўлмаган илмсиз кишилар) орасига ўзларида бўлган, уларга (Қуръон) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб — Қуръон ва Ҳикмат — Ҳадисни ўргатадиган бир пайғамбарни (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломни) юборган Зотдир. Шак-шубҳасиз, улар (ўзларига пайғамбар келишдан) илгари очиқ залолатда эдилар.
(Аллоҳ бу пайғамбарни) яна улардан бошқаларга — уларга ета олмаган (энди дунёга келадиган барча инсонларга ҳам юборгандир). У қудрат ва ҳикмат Соҳибидир.
Бу (яъни, барча инсониятга пайғамбар бўлиш) Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, Ўзи хоҳлаган кишиларга берур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат Соҳибидир.
Таврот юкланган — берилган, сўнгра уни кўтара олмаган (яъни, унинг кўрсатмаларига амал қилмаган) кимсалар (яҳудийлар)нинг мисоли худди китобларни кўтариб кетаётган эшакка ўхшайди (яъни, унинг вазминлигидан чарчаб-толадилару, аммо у Китобнинг ичидаги нарсалардан фойдаланмайдилар). Аллоҳнинг оятларини ёлғон деган қавмнинг мисоли нақадар ёмондир. Аллоҳ бундай золим қавмни ҳидоят қилмас!
(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Эй яҳудийлар, агар сизлар (бошқа) одамларни эмас, фақат ўзларингизни Аллоҳнинг дўстлари деб даъво қилсангизлар — агар (мана шу даъволарингизда) ростгўй бўлсангизлар — ўлимни орзу қилинглар-чи?
وَلَا يَتَمَنَّوۡنَهُۥٓ أَبَدَۢا بِمَا قَدَّمَتۡ أَيۡدِيهِمۡۚ وَٱللَّهُ عَلِيمُۢ بِٱلظَّٰلِمِينَ [٧]
Улар қўллари (яъни, ўзлари) қилиб қўйган ишлари (яъни, Тавротда ҳақ пайғамбар эканликлари зикр қилинган Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломни ёлғончи қилганлари) сабабли ҳеч қачон (ўлимни) орзу қила олмаслар. Аллоҳ золим кимсаларни билгувчидир.
Айтинг: «Сизлар қочаётган бу ўлим албатта сизларга йўлиққувчидир. Сўнгра сизлар ғайбу-шаҳодатни (яъни, барча яширин ва ошкора нарса-амалларни) билгувчи (Аллоҳ)га қайтарилурсизлар. Бас, У зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур!»
Эй мўминлар, қачон Жумъа кунидаги намозга чорланса (яъни, азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангизлар, мана шу (яъни, Аллоҳнинг зикрига — Жумъа намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир.
Энди қачон намоз адо қилингач, Ерга тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар. Аллоҳни кўп зикр қилингларки, шояд нажот топурсизлар.
(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қачон улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар ва сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк қилурлар. Айтинг: «Аллоҳ ҳузуридаги нарса (иймон ва яхши амаллар учун бериладиган ажр-мукофот) ўйин-кулгидан ҳам, тижоратдан ҳам яхшироқдир! Аллоҳ ризқ бергувчиларнинг яхшироғидир!»[1]