عربيEnglish

The Noble Qur'an Encyclopedia

Towards providing reliable exegeses and translations of the meanings of the Noble Qur'an in the world languages

The Overwhelming [Al-Ghashiya] - Uzbek translation - Alaauddin Mansour

Surah The Overwhelming [Al-Ghashiya] Ayah 26 Location Maccah Number 88

(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизга ўраб олгувчи (Қиёмат Куни) ҳақидага хабар келдими?

У Кунда (кофирларнинг) юзлари эгилиб қолгувчи.

(Бўйин ва қўл-оёқлари кишан ва занжирларни судраш билан) меҳнат-машаққат чеккувчидир.

(Улар) қизиган дўзахга кирур!

Қайнаб турган булоқдан суғорилур!

Улар учун бирон таом бўлмас, (уларнинг емишлари) фақат зорийъдан (заҳарли ва бадбўй тикансимон ўсимлик) бўлур!

У (еган кимсани) семиртирмайди ҳам ва очлиқдан халос ҳам қилмайди!

(Мўминларнинг) юзлари эса у Кунда (ўзларига ато этилган ноз-неъматлардан) шод-хуррам;

(Ҳаёти-дунёда Аллоҳ йўлида қилган) саъй-ҳаракатларидан рози бўлур.

(Улар) олий жаннатда бўлиб;

У жойда бирон беҳуда сўз эшитмаслар.

У жойда оқар булоқ бордир.

У жойда баланд сўрилар;

Ва (булоқ бўйига) қўйиб қўйилган қадаҳлар.

Тизиб қўйилган ёстиқлар.

Ва тўшалган гиламлар бордир.[1]

Ахир улар туянинг қандай яратилганига боқмайдиларми?

Осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига;

Тоғларнинг қандай тикланганига;

Ва Ернинг қандай ёйиб-текислаб қўйилганига (ибрат назари билан боқмайдиларми?!)[2]

Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан, сиз фақат бир панд-насиҳат қилгувчидирсиз, холос.

Сиз уларнинг устида зўравонлик билан ҳукм юргизгувчи эмассиз.

Илло ким (бу панд-насиҳатдан) юз ўгириб, кофир бўлса;

У ҳолда Аллоҳ уни энг катта азоб билан азоблар!

Зеро, ёлғиз Ўзимизга қайтишлари бордир!

Сўнгра уларни ҳисоб-китоб қилиш (жазо бериш) ҳам ёлғиз Бизнинг зиммамиздадир!